Пойтахтда HTC компаниясининг сервис маркази очилди

Пойтахтда HTC компаниясининг сервис маркази очилди

Тошкент шаҳрида HTC компаниясининг янги сервис марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Энди тайванлик мобиль воситалари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган HTC компаниясининг қурилма ва гаджетлари фойдаланувчилари улардаги носозлик билан боғлиқ муаммоларни мазкур хизмат кўрсатиш марказида ҳал қилишлари мумкин бўлди.

Очилиш маросимида қайд этилганидек, HTC Care хизмат кўрсатиш марказида Ўзбекистонда сотиб олинган, ишлаб чиқарувчининг P60124-150051 рақамли йиллик хизмат кўрсатиш кафолатига эга  қурилмалар таъмирланади.

Хизмат кўрсатиш маркази Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, “Бунёдкор” хиёбони, 52-уй – Integro савдо марказининг 1-қавати, 24-дўконида жойлашган. Мўлжал: Метронинг “Чилонзор” бекати.

HTC бренди қурилмалари фойдаланувчилари 2016 йилнинг 1 февралидан бошлаб хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилишлари мумкин.

HTC корпорациясига 1997 йилнинг 15 майида Буюк Британия ва Тайван Республикаси ишлаб чиқарувчилари томонидан асос солинган. Корпорация бош қароргоҳи Тайваннинг Синьбэй шаҳрида жойлашган. Компания смартфон ва планшетлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Компаниянинг смартфон ва планшетлар бозоридаги ҳиссаси компания томонидан 2014 йилнинг март ойида эълон қилинган HTC One M8 ва HTC One M9 қурилмаларидан кейин 3 фоиздан 7.2 фоизга ошган. Компания дунёнинг 40дан зиёд йирик шаҳарларида хизмат кўрсатиш марказларига эга.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!