Домен номини танлашга доир 13 та маслаҳат

Домен номини танлашга доир 13 та маслаҳат

Бирор бизнес бошлашда, шу бизнесга оид сайт қилиш одат тусига кирди. Шу ҳисобига сайт тузувчи фирмалар сони кўпайди. Бу фирмалар исталган талабингиз асосида. келишилган нархда (савдолашиш мумкин, чунки бундай фирмалар сони кўп, рақобат кучли) сайт тузишади ва интернетга қўйиб ҳам беришади. Шундай бўлса ҳам, сайт эгаси томонидан бажарилиши керак бўлган асосий иш бор, бу домен номи (сайт номи)ни танлашдан иборат.

Мақолада домен номини танлашда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида бир неча маслаҳатлар бериб ўтаман. Демак, домен номини танлашда қуйидагиларни ёдда тутинг:

1. Домен номи содда ва эсда қоладиган бўлиши керак. Бир марта сайтга кирилгандан сўнг, кейинги сафар киргунча сайт номи эсдан чиқиб қолмаслиги шарт.

2. Сайт номи қисқа бўлиши тавсия қилинади, узун URL адресни ҳеч ким ёзиб ўтиргиси келмайди. Бир мартта кирилгандан сўнг, браузер бу сайт номини эсда сақлаб қолади, лекин сиз бошқа компьютердан бу сайтга кирмоқчи бўлсангиз, қанча ҳарф теришни тасаввур қилинг.

3. Сайт номи бирор маънони англатиши керак ёки бўлмаса сизнинг бизнесингизга мос ҳолда ном танланса, ҳам сайт номи ҳам фирма номи эсдан чиқмайди.

4. Сайтни реклама қилишда, сайт номи реклама банерларида, буклетларда, визиткаларда чиройли кўриниши керак. Шунда сайтга кирадиган фойдаланувчилар сони кўпаяди ва бизнесингиз ривожланади.

5. Домен ҳам давлат номига мос бўлгани яхши (мисол учун, Ўзбекистон учун «уз»), ўзбекча сайт қилиб «.com» домен олиш мени фикримча тўғри эмас.

6. Иложи борича домен номида сонлардан фойдаланманг. Чунки баъзи инсонлар сонларни яхши эслаб қолишмайди. Ундан ташқари сон ва ҳарфли сайт номи жиддийликни йўқотади, кўриниши ҳам бироз ғалати.

7. Дефисларни (чизиқ «-«) ҳам домен номи сифатида ишлатманг. Бу унчалик яхши фикр эмас. Агар сиз ўз сайтингиз номида дефисдан фойдалансангиз, баъзилар дефисни эсдан чиқариб, сайтни дефиссиз ёзишади, бу орқали дефиссиз бўлган сайт фойдаланувчилари кўпаяди. Бунга мисол қилиб «tas-ix.net» сайтини олиш мумкин, мен бу сайтга кам кираман ва ҳар кирганимда «tasix.net» кўринишида териб юбораман.

8. Oббревиатуралардан фойдаланишни ҳам ўйлаб кўринг, агар сиз ишлатмоқчи бўлган оббревиатура машҳур бўлса, уни ишлатиш фойдали, агар ҳеч ким билмаса бу муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

9. Сиз танлаган ном бирор фирма ёки маҳсулотнинг номи бўлишидан сақланинг. Бошида ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин, лекин кейинчалик (сайт ривожланганидан сўнг) ўша фирма билан муаммолар бўлиш эҳтимоли катта.

10. Ҳозирги кунда кирил алифбосида ҳам домен номлари рўйхатдан ўтмоқда, мани фикримча кирилча ном танлаш яхши эмас, чунки баъзи телефонларда ҳаттоки кирил ҳарфлари мавжуд эмас, ҳозирги кунда телефондан сайтларга кириш эҳтимоли 40% га етди.

11. Бирор сўзни хато ёзиш орқали ҳам домен номини танламанг, кўпчилик сўзларни тўғри ёзишга эътибор беради ва хато ёзилган сайтга киргиси ҳам келмайди, чунки сайт номи хато бўлса, сайтдаги маълумотлар ҳам тўғри эмасдек кўринади, ишонч йўқолади.

12. Иложи борича домен номида битта сўздан фойдаланинг, бир неча сўзларни бирлаштириб ташламанг. Маъно бўлиши мумкин, лекин бировлар учун бу икки сўзни ёзиш бироз ноқулайроқ. Агар чет давлатлардан сизнинг бундай кўринишдаги сайтингизга кирса, сайт номидаги маънони тушунмайди ва бироз қийналади.

13. Сайт асосан фойдаланувчилар учун тузилади, шуни билинки, сизнинг сайтга ҳар хил дунёқарашдаги одамлар киради ва улар учун қийин бўлмаган сайт номини танланг, ўзингизга ёққан ном бошқалар учун қийин бўлиши мумкин (мисол учун мени блогим номи бироз қийинроқ, лекин содда ва қисқа, ёдда қолади деб ўйлайман).

Манба: ITportal.Uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!