Microsoft кишиларни янги Windows’га ўтишга мажбурлашнинг антиқа йўлини топди
Кўпчилигимиз ўз компьютер ва ноутбукларимизда Windows операцион тизимини ишлатамиз. Аммо аксарият фойдаланувчиларнинг эски талқиндаги тизимда қолаётгани Microsoft корпорациясига ёқмаяпти.
ЎҚИНГ: Windows 7 ҳамда Windows XP’да жиддий хавф бор – тезда янгилаб олинг!
Компания эски версиялардаги компьютерлар эгаларини янги – Windows 10 тизимига ўтказишга имкон қадар ҳаракат қиляпти. Microsoft бу йўлда ҳатто ўзгача йўл тутишдан ҳам тап тортмаяпти – у Windows 7 ва ундан аввалги талқинларда айрим лойиҳаларни тўхтатяпти.
Microsoft расмий сайтида маълум қилишича, эски версиялардаги операцион тизимларда яқинда қуйидаги лойиҳалар ишламай қолади:
- Интернет-нарда (Internet Backgammon)
- Интернет-шашка (Internet Checkers)
- Интернет-қарға (Internet Spades)
- Интернет-юрак (Internet Hearts)
- Интернет-реверси (Internet Reversi)
- MSN Go
Ушбу иловаларнинг тўхтатилиш муддати компьютерга ўрнатилган Windows версиясига боғлиқ. Windows XP ҳамда Windows ME талқинларидаги қурилмаларда бу дастурлар шу йилнинг 31 июлиданоқ ишламай қолади. Windows 7 фойдаланувчилари учун эса бироз муҳлат берилган – улар ушбу дастурлар билан 2020 йилнинг 22 январида хайрлашишади. Шу муносабат билан, мазкур иловалардан фойдаланишни истаганлар операцион тизимнинг янги талқинига ўтишлари тавсия этилмоқда.