OnePlus'нинг янги бюджет смартфони ҳеч ҳам бюджетга ўхшамайди!

OnePlus'нинг янги бюджет смартфони ҳеч ҳам бюджетга ўхшамайди!

Бир неча кун аввал OnePlus компанияси расман ўзининг Nord CE 3 Lite смартфонини намойиш қилди. Ўрта синфга мансуб эканлиги айтилаётган смартфон техник хусусиятларда флагманлардан қолишмайди.

OnePlus Nord CE 3 Lite смартфони 165.5×76×8.3 мм ўлчамда ва 195 грам оғирликда бўлиб, у 6.72 дюймли 120 герц тезликда янгиланадиган FHD+ резолюциядаги LCD дисплейга эга ва у 680 нит максимал ёруғликка чиқа олади. Капот остида эса қурилма Qualcomm'нинг Snapdragon 695 чипсети билан жиҳозланган. Унинг 8 GB (LPDDR4Х) оператив хотирасини яна шунча GB виртуал хотира билан кенгайтириш мумкин. 128/256 GB (UFS 2.2) доимий хотирани эса microSD карта билан 1 TB гача кенгайтириб олсангиз бўлади.

5000 мА/соат батареяга келсак, у сизга 8.8 соатгача PUBG ўйнаш, YouTube'да 17.1 соатгача видео кўриш ёки WhatsApp орқали 8.7 соат тинимсиз видеочат қилиш имконини беради. Агар унинг қуввати тугаб қолса, уни 67 Вт тезликда атиги 30 дақиқа ичида 80% гача қувватлаб олишингиз мумкин. SuperVOOC Endurance Edition хусусияти эса батарея "қариши"нинг олдини олади ва шунда у сизга 4 йилгача яхши хизмат қилади. Смартфон Android 13 га асосланган OxygenOS операцион тизимининг 13.1 версиясида ишлайди.

Тасвирга олиш борасида Nord CE 3 Lite'нинг орқа томонидаги учлик камера тизими иккилик камера оролларидан жой олган. Уларнинг асосийси Samsung компаниясининг f/1.7 диафрагмали 108 MP камера сенсори бўлиб, у EIS (Electronic image stabilization), яъни тасвирни электроник барқарорлаштириш хусусиятига эга.

Қолган камераларнинг иккови ҳам f/2.4 диафрагмали 2 MP сенсорлар бўлиб, уларнинг бири портрет, иккинчиси эса макро линзалар ҳисобланади. Ушбу камералар сизга 1х дан 6х гача зум қилиш, 1080p/720p форматида 30 кадр/секунд ёки 720p форматида 120 кадр/секунд слов-мотион видеолар олиш имконини беради. Олд томонда эса селфилар учун 16 MP (f/2.4) камера ўрнатилган ва у телефонни қулфдан очишда юзни сканерлаш учун ҳам хизмат қилади.

Алоқа ва уланиш борасида 5G, Wi-Fi 5 ва Bluetooth 5.1 қўллаб-қувватланади. Қўшимчасига смартфон ён томонида бармоқ изини аниқлаш сканери ва бундан ташқари иккилик стерео овоз кучайтиргичлар (200% Ultra овоз режими билан), 3.5 миллиметрли симли наушник уяси, контактсиз тўловлар учун эса NFC хусусияти мавжуд.

OnePlus Nord CE 3 Lite смартфони хроматик кулранг ва лайм рангларида Ҳиндистонда 11 апрелдан, Европада эса 20 апрелдан сотувга чиқарилади таклиф қилинади. Унинг нархи қуйидагича:

Европада:
OnePlus Nord CE 3 Lite 8/128 GB – 329 евро (≈359 доллар)

Ҳиндистонда:
OnePlus Nord CE 3 Lite 8/128 GB – 19,999 ҳинд рупияси (≈244 доллар)
OnePlus Nord CE 3 Lite 8/256 GB  – 21,999 ҳинд рупияси (≈268 доллар)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.