Операцион тизим юклатувчиси ҳақида (Boot Loader)

Операцион тизим юклатувчиси ҳақида (Boot Loader)

Компьютер фойдаланувчилари билан суҳбат давомида шуни билдимки, кўпчилик операцион тизим юклатувчиси (загрузчик операционной системы, OS loader) ҳақида билмас экан. Тўғри, оддий фойдаланувчи учун буни билиш шарт эмас, лекин барибир бир кунмас-бир кун албатта дуч келишади (кўп ҳолларда хато пайдо бўлганда ёки иккита тизим ўрнатилганда). Мақолада, шу ҳақида қисқача ёзиб ўтмоқчиман.

Бу юклатувчи нафақат Windows тизимида, балки барча операцион тизимларида мавжуд (Linux, Mac,…) бўлиб, кичик бир дастур ҳисобланади. Компьютер ёнганда, қаттиқ диск (HDD) орқали операцион тизим юкланади ва дарҳол дастур(юклатувчи) ишга тушади, яъни шу юклатувчи тизимни ишга туширади. Унинг вазифаси тизим ядросини ишга тушириш, агар бундай ядролар бир неча бўлса, фойдаланувчига танлаш имконини берувчи ойнани ҳам чиқаради.

windowsloader_1

Бу ишлардан асосий мақсад, операцион тизим ядросини тезкор(оператив) хотирага юклаш, қачонки юклаш амалга ошгандан сўнг, иш фаолияти операцион тизим ўрнатилган дискнинг актив қисмига ўтади ва операцион тизим тўлиқ юкланишни бошлайди. Тизим ядроси фақат қаттиқ дискдан эмас, тармоқ ёки ташқи қурилма орқали ҳам тезкор хотирага юкланиши мумкин, бунинг аҳамияти йўқ, ҳаммасида юклатувчи дастур ишга тушади.

Бу дастур операцион тизимда битта файл кўринишида(одатда) намоён бўлади, агар бу файлни ўчириб ташласангиз ёки вирус орқали зарарланса, операцион тизим умуман юкланмайди. Бундан кўриниб турибдики, бу файл жуда керакли ҳисобланади, ҳаттоки бу файлни оддий ўчириш йўли билан ҳам ўчира олмайсиз.

Барча тизимларда операцион тизим юклатувчиси мавжуд бўлиб, тизим турига қараб ҳар хил номда номланади. Қуйида асосий операцион тизим юкланувчилари номи келтирилган.

NTLDR — WindowsXP’гача бўлган тизим ядросини юклатувчи дастур.

Windows Boot Manager (bootmgr)— Windows 7, Windows 8 ядросини юклатувчи дастур.

LILO(Linux Loader), GRUB(Grand Unified Bootloader) — Linux ядросини юклатувчи дастур.

OS/2 Boot Manager — OS/2 ядросини юклатувчи дастур.

SILO — Sparc архитектурали Solaris ва Linux ядросини юклатувчи дастур.

BootX — Mac ядросини юклатувчи дастур.

Булардан бошқа операцион тизим ядросини юклатувчи дастурлар ҳам бор: Das U-Boot, uMon, RedBoot, SyMon.

Демак, билиб олинг, юқоридаги терминлардан бири учраб қолса, билинки булар юклатувчи дастурлар, вазифаси бир ҳил, операцион тизим ядросини юклаб бериш.

Бу терминлардан NTLDR, Bootmgr кабиларни эшитган бўлишингиз мумкин, айниқса ёмон хабар билан: NTLDR is missing (Windows Xp тизимида ёки Bootmgr is missing (Windows 7 тизимида).

Бу хатоликлар айнан юкланувчи дастур ишга яроқсиз бўлганда пайдо бўлади. Кейинги мақолада айнан шу хатонинг чиқиш сабабларини ёзиб ўтаман, кейинроқ эса уларни бартараф этиш йўлларини.

Манба: ITportal.Uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!