Oppo R9 савдонинг илк кунида 180 000 дона сотилди

Oppo R9 савдонинг илк кунида 180 000 дона сотилди

Хитойнинг Oppo компанияси бундан 2 ҳафта аввал Oppo R9 ҳамда R9 Plus флагман смартфонларини эълон қилган эди.

Жорий ҳафтада компания Oppo R9 гаджетини Хитой ҳудудида савдога чиқарди. Халқаро интернет нашрлари томонидан мобиль алоқа воситаси жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олингани хабар қилинмоқда.

GSMArena нашрининг ёзишича, Oppo R9 смартфон бозорида саноқли кунлар ичида оммалашган ва савдога чиққан илк кунда 180 минг дона сотилган. Бугунгача, яъни 4 кун ичида эса жами 400 минг дона смартфонларнинг сотилгани хабар қилинмоқда.

Арзон ва юқори сифат билан ишлайдиган смартфонлар ишлаб чиқарадиган 20 дан зиёд йирик компаниялар фаолият кўрсатадиган, смартфон танлаш имконияти кенг бўлган Хитой бозорида бу кўрсаткич компания учун муваффақиятли ҳисобланади.

Компания мазкур флагманларни маҳаллий бозорда оммалаштириш, реклама роликлари ёрдамида мижозларнинг диққатини тортиш мақсадида, хитойлик таниқли юлдузлар иштирокида реклама кампанияларини олиб борган.

R9 Plus флагмани 12 апрелдан бошлаб сотувга чиқарилади, Oppo компанияси Oppo R9 ва R9 Plus смартфонларини халқаро бозорга олиб чиқишни режалаштирмоқда.

Жаҳон бозорини забт этишни мақсад қилган Oppo R9 алоқа воситаси 5.5 дюймли Full HD сиғимли AMOLED-дисплей, 8 ядроли MediaTek Helio P10 процессори, 4 ГБ тезкор хотира, 64 ГБ ички хотира, 2850 мАс аккумулятор билан “қуроллантирилган”.

Шунингдек, унда 16 мегапикселли орқа ҳамда 13 мегапикселли олд камералар мавжуд.

Oppo R9 Plus смартфони эса 6 дюймли Full HD дисплей, 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 652 процессори, 4 ГБ тезкор хотира ва 64/128 ГБ ички хотира билан таъминланган. Қурилманинг асосий ва олд камераси 16 МП.

Смартфон қувват тоши – аккумуляторининг электр токи сиғими 4120 мАс.

Ҳар иккала смарфтонда бармоқ излари сканери, VOOC тезкор қувватлаш технологияси татбиқ қилинган.  VOOC тезкор қувватлаш технологиясида мобиль қурилма 30 дақиқа ичида қувватини 75 фоизга тўлдиради.

Уларда Android 5.1 Lollipop операцион тизимидан фойдаланилган. 2 сим картали бўлган флагманларнинг ўлчамлари: Oppo R9 151,8 × 74,3 × 6,5 мм ҳамда R9 Plus 163 × 80,8 × 7,4 мм. Оғирлиги 145 грамм ва 185 грамм.

Oppo R9 смартфонининг Хитойдаги нархи $430 доллар, унинг каттароқ талқини – Oppo R9 Plus’нинг нархи эса $510 доллар.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!