Realme 11 Pro ва Realme 11 Pro+ смартфонлари кейинги ой тақдим қилиниши мумкин

Realme 11 Pro ва Realme 11 Pro+ смартфонлари кейинги ой тақдим қилиниши мумкин

Хитойнинг TENAA назорат қилувчи агентлиги Realme 11 Pro сериясидаги смартфонларни рўйхатдан ўтказди. Маълум бўлишича, смартфонлар иккита: RМХ3770 модел рақамли Realme 11 Pro ва RМХ3740 модел рақамли Realme 11 Pro+ бўлади ва улар капот остида деярли бир хил, лекин камера борасида бир-биридан фарқ қилади.

Realme 10 Pro смартфонлари давомчиларига берилган TENAA сертификатларига кўра, улар саккиз ядроли 2.6 гигагерц процессорда ишлайди. Абҳишек Ядав улашган маълумотларга қараганда иккала моделлар ҳам Dimensity1080 чипсети билан жиҳозланади.

Realme 11 Pro

Шунингдек, TENAA дан олинган рендерларда биз Realme 11 Pro моделини орқа томонида юмалоқ камера ороли билан кўришимиз мумкин ва у Huawei Mate 40 смартфонини эслатиб юборади. Берилган маълумотларга кўра, Realme 11 Pro орқа томонида 100 MP асосий ва 2 MP қўшимча камера билан чиқарилади. Pro+ модел эса 2 ва 8 MP қўшимча камералар билан 200 MP асосий сенсор билан келади.

Олд томондан эса Realme 11 Pro ён томонлари эгилган 6.7 дюймли дисплейга эга ва унинг селфи камераси экран юқори марказида жойлашган ва у Pro моделда 16 MP, Pro+ да эса 32 MP бўлади.

Иккала смартфонларда ҳам хотирани кенгайтириш имкони бўлмайди, лекин улар шундоқ ҳам 1 TB гача бўлган хотира билан таклиф қилиниши миш-миш қилинмоқда. Бунда оператив хотира эса 16 GB гача бўлиши мумкин. Қувват борасида Realme 11 Pro модели 4870 мА/соат, Realme 11 Pro+ эса 5000 мА/соат батарея билан жиҳозланиши айтиляпти.

Realme 11 Pro смартфонлари май ойида Хитойда дебют қилиши кутилмоқда.