Сунъий йўлдош орқали 2 томонли хабар алмашишни қўллаб-қувватлайдиган илк смартфонлар тақдим қилинди!

Сунъий йўлдош орқали 2 томонли хабар алмашишни қўллаб-қувватлайдиган илк смартфонлар тақдим қилинди!

Ўзининг мустаҳкам ҳимояга эга смартфонлари билан танилган британиялик Bullitt Group компанияси сунъий йўлдош орқали тўғридан-тўғри хабар алмашиш имконини берадиган дунёдаги илк смартфонлар – CAT S75 ва Motorola Defy 2 моделларини тақдим қилди. Иккала смартфонлар ҳам деярли бир хил хусусиятларга эга, фақат улар бошқа-бошқа бозорлар учун мўлжалланган.

Смартфонларни таништиришдан аввал уларнинг ўзига хос хусусиятига тўхталиб ўцак. Ушбу иккала янги телефонлар сунъий йўлдош орқали бошқалар билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш ёхуд хабар алмашиш имкони беради. Apple'нинг iPhone 14 смартфонларидаги фақат фавқулодда ҳолатларда сунъий йўлдошга уланиш функциясидан фарқли ўлароқ, бу сизга узоқ жойлардан исталган одамга хабар юбориш имконини беради - хоҳ чўлда бўлинг, хоҳ океан ўртасида. Усти очиқ ва осмон кўриниб турадиган жойда бўлсангиз бас, сиз истаган одамингиз телефонига хабар юбора оласиз. Улар эса хабарингизни оддий SMS кўринишида қабул қилиб олишади, яъни уларга ҳеч қандай ортиқча қурилма ёки дастурий таъминот керак бўлмайди. Агар улар сизга жавоб ёзишмоқчи бўлишса, унда улар iOS ва Android учун мавжуд бўлган бепул иловадан фойдаланишлари мумкин бўлади. Буларнинг барчаси MediaTek'нинг янги NTN чипи шарофати билан. У Dimensity 930 чипсетига ҳам ўрнатилган.

Телефонлар 3 ойлик Bullitt Satellite обунаси билан келади. Бу сизга сунъий йўлдош орқали ойига 30 та тўғридан тўғри хабарлар юбориш имконини беради. Обуна тугаганидан сўнг эҳтиёжингизга қараб бошқа обуналардан бирига аъзо бўлишингиз мумкин. Уларнинг энг арзони 5 евро.  

CАТ S75

Смартфонларга қайтамиз. CAT S75 ва Motorola Defy 2. Иккала смартфонлар ҳам мустаҳкам ҳимояга эга бўлиб, улар 1.8 м баландликдан пўлат устига ташлаш синовидан ҳеч қандай зарарларсиз ўтишган. Шунингдек, смартфонлар IP68, IP69К ва MIL SPEC 810H сертификатлари билан сув, чанг ва кескин юқори ҳароратларга (-30 дан 75 градусгача ҳароратда бир кунгача) чидамли ёхуд улар билан 5 метер чуқурликдаги сув остида ҳам ярим соатдан ошиқроқ вақт тасвирга олиш ишларини амалга оширишингиз мумкин.

Бундан ташқари, уларнинг орқа томони Bullitt'нинг микробга қарши кумуш ионларини ўз ичига олган Hygiene+ билан қопланган. Бу эса сизга смартфонларни совун ёки спиртли салфеткалар билан тозалаш имконини беради. Шу билан бирга, смартфонлар юқорида айтилган сунъий йўлдошли хусусиятга эга.

Motorola Defy 2

Техник хусусиятлар ҳам иккала смартфонларда бир хил. 6.58 дюймли FHD+ резолюциясида 120 герц янгиланиш тезлигига эга IPS LCD дисплей Corning Gorilla Glass Victus билан ҳимояланган. Қалин рамкалар билан ўралган экран юқори марказида f/2.0 диафрагмали 8 МП селфи камера жойлашган. Орқа томонда смартфондан бўртиб чиқиб турган камера ороли учлик камера тизимини ўз ичига олади. Уларнинг асосийси 50 МП (f/1.8), иккинчиси 8 МП ултра-кенг, яна бири эса 2 МП макро камера сенсорларидир. Қурилмалар 6 нанометрли MediaTek Dimensity 930 чипсетида 6 ГБ RAM ва 128 ГБ хотира билан Android 12 операцион тизимида (13 ва 14 га янгилаш мумкин) ишлайди. Уларнинг 5000 мА/с батареясини 15 Вт тезликда симсиз зарядлаш мумкин. Қўшимчасига смартфонларда уларнинг хотирасини кенгайтириш имконини берадиган microSD карта уяси, орқа томонда эса бармоқ изи сканери бор. Смартфонлар 171×80×11.9 мм ўлчам ва 268 грамм оғирликка эга.

CAT S75 фақат Европа, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида 599 евро нархда сотувга чиқарилади. Motorola Defy 2 эса Шимолий ва Жанубий Америка бозори учун тақдим қилинган бўлиб, унинг нархи 599 доллар.

ЎҚИНГ: Ҳали тақдим қилинмаган Galaxy А34 ва Galaxy А54 ҳақида барчаси!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!