Ўзбекистон миллий интернет тармоғи энг беқарор тармоқлар қаторига кирди

Ўзбекистон миллий интернет тармоғи энг беқарор тармоқлар қаторига кирди

Qrator Labs компанияси тадқиқот асосида интернетнинг миллий сегментлари орасида эҳтимолий носозликларга бардош бериш даражаси бўйича рўйхатни тузиб чиқди. Бу ҳақда Kun.Uz ёзмоқда.

Ушбу рўйхатга кўра, Ўзбекистондаги интернет энг беқарорлардан бири сифатида эътироф этилган. Мабодо, мамлакатдаги энг йирик интернет оператори «Ўзбектелеком» фаолиятида носозлик кузатилгудек бўлса, Ўзбекистон миллий сегментидаги 97,32 фоиз тармоқ “саф”дан чиқади, дейилади Qrator Labs ҳисоботида.

Шунга ўхшаш муаммолар, Сурияда 94,7 фоиз, Туркманистонда 90,4 фоиз маҳаллий сегментдаги тармоқларни вақтинча “хизмат доирасидан ташқари”да ҳолатига туширади.

Компания тадқиқот давомида миллий сегментнинг мамлакат учун энг муҳим операторлари нуқтаи-назаридан бардошини баҳолаган.

Интернет тармоғидаги узилишларга энг чидамли миллий сегмент бу Буюк Британия сегменти бўлди. Мисол учун, Virgin Media оператори тармоғида носозлик юз бериши натижасида, атиги 3,4 фоиз маҳаллий тармоқлардан вақтинча фойдаланиб бўлмайди.

Иккинчи ўринга эса АҚШ жойлашди. TATA операторидаги бузилишлар, 5 фоиз маҳаллий тармоқ вакилларига уланиш имконини йўққа чиқарар эди.

“Коммерсантъ” нашри хабарига кўра, Россия рунети бу рўйхатда учинчи бўлди.

DDoS-ҳужумларини ўрганишга ихтисослашган Qrator Labs ҳисоб-китобларига кўра, Рунет “Ростелеком”га кўпроқ ёндашади. Унинг фаолиятидаги носозликлар эса, интернетнинг Россия сегментидаги 5,5 фоиз тармоқни вақтинча сафдан чиқишига олиб келар эди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!