Xiaomi илғор лазерли проекторни тақдим қилди

Xiaomi илғор лазерли проекторни тақдим қилди

Xiaomi компанияси 28 июнда ўзининг энг қиммат электроника маҳсулотларидан бири бўлган лазерли проекторини тақдим қилди.

Проектор қисқа масофали фокусдан туриб ҳам деворга сифатли тасвир узатиши билан ўзига хос. Мисол учун, уни экран ёки девордан 50 см узоқликдаги масофага жойлаштирсангиз, лазерли проектор диагонали 150 дюймли (тахминан 380 см) экранни ҳосил қилади.

Проекторнинг ёруғлик манбааси бўлган ALPD 3.0 лазер технологияси таниқли Light Peak компанияси томонидан тайёрланган, тасвирни қайта ишлаш процессори эса Texas Instruments компанияси маҳсулоти.

Ёруғлик оқимининг миқдори 5000 люменгача етади. Ишлаб чиқарувчининг маълумот беришича, қурилмадаги контраст, яъни ёруғлик диапазони ёки тасвирнинг ёрқин акс этиши юқори – 3000:1 кўрсаткичига эга. Таққослаш учун айтамиз, замонавий телевизорларда бу кўрсаткич узоғи билан 4000:1, LCD мониторли компютерларда 1000:1 миқдорга етади.

Проектор билан бирга Xiaomi’нинг “ақлли уй” иловасига эга бошқарув пулти ҳам тақдим қилинади. Девайснинг фаолият муддати – 25 000 соат, яъни ҳар куни 2 соатдан ишлаб турса, ундан камида 34 йил фойдаланиш мумкин.

Xiaomi Mi Laser Projection TV 9999 юан, яъни $1470 долларга баҳоланмоқда. Янги гаджет 4 июлдан сотувга чиқарилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!