“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун 10 июндан кучга киради

“Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун 10 июндан кучга киради

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда “Электрон ҳукумат”ни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари” мавзуида давра суҳбати ўтказди, деб Kun.Uz хабар бермоқда.

Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, “электрон ҳукумат” ахборот тизими фаолияти ва жорий этилишини тартибга солувчи ахборот соҳаси қонунчилигининг амалиётга татбиқ этилиши самарадорликни янада оширишини таъкидлади.

Жорий йилнинг 10 июнидан кучга кирадиган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун давлат бошқаруви тизимидаги маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, “ягона дарча” тамойили асосида электрон давлат хизматларини кўрсатиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишга хизмат қилади.

«Электрон ҳукумат»ни жорий этишда Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, 2013-2020 йилларда 2,1 триллион сўмлик телекоммуникация технологиялари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 17 лойиҳа, «электрон ҳукумат» маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари комплексини яратишда қўл келувчи ўттизга яқин лойиҳа амалга оширилади.

«Жорий йилнинг биринчи майидан янги электрон солиқ хизматлари портали ишлаб чиқилди, – дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳаётжон Насруллоев. – Бу орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг солиқ органлари билан ўзаро муносабатларининг очиқлиги, тезкорлиги ва самарадорлик даражаси янада ошди».

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.