Расман: Apple янги авлод MacBook Pro ноутбукларини тақдим этди

Расман: Apple янги авлод MacBook Pro ноутбукларини тақдим этди

Apple компанияси 14 ҳамда 16 дюймли янги авлод MacBook Pro ноутбукларини тақдим этди. Шунингдек, тақдимотда M2 ва M2 Pro чипли янги Mac mini қурилмаси ҳам намойиш этилди. MacBook'лар янгиланган уланиш танловларини таклиф қилса, янги Mac mini аввалгига қараганда арзонроқ бошланғич нархда тақдим этилди. 

14 ҳамда 16 дюймли MacBook'лар M2 Pro ва M2 Max чиплари билан конфигурациялашган. Аввалги M1 Pro ва M1 Max чипларига қараганда улар 20% юқори CPU унумдорлиги ҳамда 30% юқори GPU унумдорлигини тақдим этади. 

M2 Pro чипини ёки 10 та ядроли CPU ҳамда 16 та ядроли GPU, ёки 12 та ядроли CPU ҳамда 19 ядроли GPU конфигурацияда танлаш мумкин. M2 Max чипида эса ёки 12 та ядроли CPU ҳамда 30 та ядроли GPU, ёки 12 ядроли CPU ва 38 та ядроли GPU кўринишида танлаш имкони мавжуд. 

Янги процессорлар ўзи билан янгиланган хотира конфигурациясини ҳам олиб келди. M2 Pro чипи 16/32ГБ, M2 Max эса 32/64/96ГБ хотира имкониятларини тақдим этади. Флеш хотира турлари 512ГБ дан 8ТБ гача мавжуд. Энг арзон версия 16/512ГБ хотирага эга модель ҳисобланади. 

Процессорлар, шунингдек, ноутбукларнинг аккумулятор автономлик вақтини ошишига хизмат қилди. 14 дюймли моделда 18 соат видео томоша қилиш ёки 12 соат интернетдан фойдаланиш мумкин бўлса, 16 дюймли моделда ушбу кўрсаткич мос равишда 22 ҳамда 15 соатни ташкил этади. 

Янги MacBook моделлари такомиллашган уланиш опцияларига эга бўлди. Симсиз боғланишларда тезкор Wi-Fi 6E ёрдам беради. HDMI порти 2.1 стандартига ўзгаради, энди у 8K 60 гертс ҳамда 4K 240 гертс форматларни қўллаб-қувватлайди. 

Икки ноутбукнинг нархи қуйидагича:

MacBook Pro 14 дюйм

1999 доллар

2499 доллар

3099 доллар

MacBook Pro 16 дюйм

2499 доллар

2699 доллар

3499 доллар

Иш столи компьютерига ўтадиган бўлсак, Mac mini қурилмасининг M2 ва M2 Pro процессорлари билан жиҳозланган версиялари тақдим этилди. Бошланғич нарх 599 доллардан бошланади. 10 та CPU ҳамда 16 та CPU ядрога эга M2 Pro чипли моделнинг нархи эса 1299 долларни ташкил этади. Тезкор хотиранинг 16/32ГБ турлари мавжуд бўлса, флеш хотира 2ТБ гача бўлиши мумкин. M2 Pro процессорли модель эса 8ТБ гача бўлган хотирани тақдим эта олади. Mac mini компьютерининг M2 Max процессорли версияси мавжуд эмас. 

Барча Mac mini моделлари Wi-Fi 6E'га эга. M2 Pro процессорли модель битта HDMI 2.1 ва тўртта Thunderbolt 4 портларига эга. Оддий M2 процессорли моделда фақат иккита Thunderbolt 4 порти бўлади ҳолос. 

ЎҚИНГ: Машҳур ўйинбоп смартфон халқаро бозорга сотувга чиқмоқда

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.