Google ҳам Apple ортидан юришни бошлади!

Google ҳам Apple ортидан юришни бошлади!

Apple компанияси ўтган йилнинг 30 июн куни ўзининг App Store иловалар дўконига янги қоидани киритган эди ва унга кўра, агар илова ишлаб чиқувчилари фойдаланувчилардан ўз хизматларидан фойдаланишда аккаунт очишни сўрайдиган бўлсалар, уни, яъни аккаунтни ўчиришни ҳам осон йўлини таклиф қилишлари керак бўлади. Таъкидлаш жоизки, бу сизга шахсий маълумотларингиз устидан юқори назорат ўрнатиш имконини беради.

Афсуски, бундай қоида Google'нинг Play Store иловалар дўконида мавжуд эмас эди, бироқ тез кунда бу ўзгаради – энди Google ҳам худди Apple каби дастурчилардан ўз иловаларида аккаунтни ўчириш хусусияти бўлиши кераклигини талаб қилади.

Маълум бўлишича, Google кеча ўзининг Android учун иловалар дўконига киритиладиган янги сиёсатни эълон қилган. Унга кўра, компания Android илова ишлаб чиқарувчиларидан агар илова фойдаланувчидан аккаунт очишни талаб қиладиган бўлса, унда у аккаунтни ўчиришни ҳам осон йўлини таклиф қилиши керак. Бунда компания жорий йилнинг 7 декабригача илова ишлаб чиқарувчиларидан иловаларида аккаунтни ўчириш имкони бор ёки йўқлигини сўрайди. Дастурчилар эса бунга ўз иловаларининг Google Play'даги Маълумотлар хавфсизлиги бўлимидаги форма орқали жавоб беришлари керак бўлади.

Фото: Google (TechCrunch орқали)

Google'нинг таъкидлашича, ишлаб чиқувчилар аккаунтни ўчириш хусусиятини ё илова ичида ёки онлайн ўчириб таклиф қилишлари шарт ва бу функция топиш учун осон бўлиши керак. Шу билан бирга, янги қоида нафақат аккаунт, балки у билан боғлиқ маълумотларнинг серверлардан ўчириб юборилишини ҳам талаб қилади. 

Фойдаланувчилар кейинги йил бошидан бошлаб Play Store иловалар дўконида аккаунт ўчирилишига оид маълумотларни илованинг Маълумотлар Хавфсизлиги саҳифасида кўришлари мумкин бўлади ёхуд янги қоидалар кейинги йил бошидан кучга киради. Google аккаунт ўчирилиши хусусиятини қўшиш учун илова ишлаб чиқарувчиларига 2024 йилнинг 31 май санасига қадар вақт беради.

Юқорида айтилганидек, аккаунт ўчирилиши сизнинг ўз шахсий маълумотларингиз устидан назорат ўрнатиш имконини беради. Масалан, узоққа бормай, Ўзбекистондаги энг машҳур тўлов тизимларидан бири Click Up Android иловасини оладиган бўлсак, унда ҳеч қандай аккаунт ўчириш имкони мавжуд эмас. Ваҳоланки, ушбу илова сизнинг энг шахсий маълумотларингиздан тортиб, банк картангизга оид маълумотларни ўзида сақлайди. Агар сиз Click Up иловасида рўйхатдан ўтган телефон рақамингиздан ортиқ фойдаланишни хоҳламасангиз на телефон рақамингизни бошқасига ўзгартира оласиз, на аккаунтингизни ўчира оласиз. Агар Click Up билан билан рўйхатдан ўтган телефон рақамингиздан икки ёки уч ой фойдаланмасангиз, алоқа оператор сиёсатига кўра рақамингиз сиздан олинади ва сотувга қўйилади. Уни сотиб олган бошқа одам эса ҳеч қандай тўсиқларсиз сизнинг бутун бошли Click аккаунтингиз кириши мумкин бўлади.

Гарчи Telegram'дан деярли бирга-бир кўчириб олинган бўлса ҳам, ўтган йили чиқарилган Humo "миллий мессенжер"ида ҳам аккаунтни ўчириш имконияти мавжуд эмас, ваҳоланки, у ўзбекистонликлар учун хавфсиз мессенжер сифатида ишлаб чиқилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!