Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида "Ақлли шаҳар" концепцияси жорий қилиниши мумкин

Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида

Ўзбекистонда "Ақлли шаҳар" концепциясини жорий қилиш режалаштирилмоқда. Ушбу таклиф Инновация вазирлиги томонидан лойиҳалар муҳокамаси порталига киритилган.

Концепцияни жорий қилишдан асосий мақсад, инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ҳудудларда замонавий саноат зоналари ва инфраструктураларни яратиш ҳисобланади.

Концепция доирасида қуйидаги йўналишларда технологиялар жорий қилинади: ақлли транспорт, электрон милиция, хавфсизлик тизими, электрон таълим, электрон соғлиқни сақлаш, ақлли энергетика ва сув таъминоти каби йўналишлар инновацион тизимда фаолият юритиши режалаштирилган, деб ёзади Turon24.uz.

Лойиҳада айтилишича, ақлли транспорт фаолияти йўлга қўйилгач, жамоат транспортларининг қаерда келаётгани ва бекатга келиш вақти олдиндан маълум бўлади, электромобиллар қувватланиши учун махсус станциялар қурилади.

Электрон милиция ва хавфсизлик тизими ишга тушганида ҳар қандай қўнғироқ бўлаётган манзил харитада акс этади. Бу ўз навбатида ички ишлар ходимларининг тезкор ишлашига ёрдам беради.

Электрон таълим тизимида таълим жараёнига янги инновацион усуллар жорий этилади ва масофавий таълим олиш имкони яратилади.

Электрон соғлиқни сақлаш беморларнинг ягона ахборот базаси шакллантирилишига замин яратади. Бундан ташқари, электрон тиббий карталар ҳам жорий қилинади.

Ақлли энергетика ва коммунал хўжалик тизими бўйича қайта тикланувчи ресурслар жорий этилади. Иситиш ва совитиш қурилмалари Автомат равишда ишлайди.

Лойиҳа ижросининг асосий координатори Ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлиги бўлади.

2030 йилда Ўзбекистон Глобал инновация индекси рейтингида кучли 50 та мамлакат қаторидан жой олишни режалаштирмоқда. Айни шу аснода 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилган.