Янги тақдим қилинган Redmi Note 12 серияси – бу қандай смартфонлар?

Янги тақдим қилинган Redmi Note 12 серияси – бу қандай смартфонлар?

Xiaomi ўзининг илк Redmi Note 12 сериясидаги смартфонларини ўтган йилнинг ноябр ойида Хитойда тақдим қилган эди. Табиийки, улар ўз мамлакатларида эксклюзивлигича қолади. Уларнинг бироз ўзгартирилган, айтиш мумкин бўлса, техник хусусиятлари бирозгина пасайтирилган вариантлари сўнгги бир неча кунда Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун тақдим қилинди. Ана шундай тақдимотларнинг бири кеча, 6 апрел куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтди ва у ерда Redmi Note 12 серияси расман Ўзбекистон учун ҳам тақдим қилинди.

Янги Redmi Note 12 серияси учта: Redmi Note 12 (4G), Redmi Note 12 Pro (4G) ва Redmi Note 12 Pro+ моделларини ўз ичига олади. Қуйида уларнинг ҳар бири билан батафсил танишиб олишингиз мумкин. 

Redmi Note 12 (4G)

Redmi Note 12 (4G). Фото: Xiaomi

Redmi Note 12 (4G) моделидан бошлайдиган бўлсак, 165.66×75.96×7.85 мм ўлчам ва 183.5 грамм оғирликдаги смартфон 6.67 дюймли 120 герц янгиланиш тезлигига эга 2400×1080 пикселлар ўлчамидаги AMOLED DotDisplay билан жиҳозланган ва у максимал 1200 нит ёрқинликка чиқа олади.

Экран юқорида марказидаги тешикда жойлашган 13 MP (f/2.45) камера билан сиз селфилар тушингиз ёки юзингизни сканер қилиш орқали телефонни қулфдан очиш имконини берадиган функциядан фойдаланишингиз мумкин. Орқа томондаги 50 MP (f/1.8) асосий, 8 MP (f/2.2, 120°) ултра-кенг ва 2 MP (f/2.4) макро камералар эса сизга 1080p ёки 720p форматида 30 кадр/секунд тезликдаги видеолар олиш имконини беради.

Капот остида қурилма Snapdragon 685 чипсети билан 4+128 GB ёки 6+128 GB (LPDDR4X+UFS 2.2) хотира конфигурацияларида таклиф қилинади. Албатта, доимий хотирани microSD карта билан 1 TB гача кенгайтириб олишингиз мумкин. Қувват борасида эса смартфон 5000 мА/соат батарея билан таъминланган ва у 33 Вт тезликда зарядланади.

Смартфон Android 13 га асосланган MIUI 14 операцион тизимида ишлайди. Алоқа ва уланиш борасида 4G, Wi-Fi 5 ва Bluetooth 5.0 технологиялари қўллаб-қувватланади. Қўшимчасига смартфон ён томонида бармоқ изини аниқлаш сканери ўрнатилган. Бундан ташқари контактсиз тўловларни амалга ошириш учун NFC, 3.5 миллиметрли симли наушниклар уяси ва сув, чангдан ҳимоя учун IP53 сертфикати мавжуд.

Redmi Note 12 (4G) смартфонини қора, ҳаворанг ва яшил рангларда топишингиз мумкин.

Redmi Note 12 Pro (4G)

Redmi Note 12 Pro (4G) моделига келадиган бўлсак, у ҳақида батафсил маълумотлар очиқланмаган, лекин тақдимотдан маълум бўлишича, ушбу модел ҳам 6.67 дюймли 120 герц янгиланиш тезлидаги AMOLED дисплейга эга бўлади ва у Snapdragon 732G чипсетида ишлайди. Унинг 5000 мА/соат батареяси эса 67 Вт тезликда зарядланади. Смартфоннинг ўзига хос хусусиятларидан бири унинг тўртлик камераларида: 108 MP асосий камера билан жиҳозланган ва у сизга 4К форматда видеолар олиш имконини беради. Қўшимчасига смартфонда иккилик овоз кучайтиргичалар, 3.5 мм наушник уяси, инфрақизил нур узатувчиси, NFC, IP53 сертфикати ва Dolby Vision & Atmos қўллаб-қувватланиши мавжуд.

Redmi Note 12 Pro+

Redmi Note 12 Pro+. Фото: Xiaomi 

Redmi Note 12 Pro+ модели "шоу юлдузи" бўлиб, у MediaTek'нинг 6 нанометрли Dimensity 1080 чипсети билан жиҳозланган ва шунинг учун ҳам у 200 MP асосий камерани қўллаб-қувватлай олади. Ушбу f/1.65 диафрагмали камера 16 пикселларни 1 талик 2.24 µм пикселга бирлаштириш технологиясидан фойдаланади. 1/1.4 дюймли сенсор OIS (Optical Image Stabilization), яъни тасвирни оптик барқарорлаштириш хусусиятига ҳам эга.

Смартфонда бундан ташқари яна иккита камералар мавжуд ва улар оддий 4G моделники билан бир хил: 8 MP (f/2.2, 120°) ултра-кенг ва 2 MP (f/2.4) макро. Худди 4G Pro модел каби ушбу смартфон ҳам 4К (30 fps) формартида видео тасвирлаш қобилятига эга. 1080p форматида эса сиз 30 ёки 60 кадр/секунд тезликда видеолар ҳам олишингиз мумкин.

Камералар мавзусидан узоқлашмаган ҳолда смартфон олд томонига ўтсак, у ерда 16 мегапикселли камерани кўрамиз. Айтиш керакки, ушбу селфи камера билан ҳам 1080p форматида 30/60 fps тезликдаги видеолар олисангиз бўлади.

Экранга тўхталиб ўтсак: қатордаги бошқа моделлар каби Redmi Note 12 Pro+ ҳам 6.67 дюймли 120 герц янгиланиш тезлигига эга FHD+ резолюциядаги AMOLED дислей билан таъминланган ва уни Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя қилади. Экран максимал ёрқинлиги 900 нит. Алоқа ва уланиш борасида иккилик 5G, Wi-Fi 6 ва Bluetooth 5.2 технологиялари қўллаб-қувватланади.

Ушбу моделнинг 5000 мА/соат батареяси 120 Вт тезликда зарядланади. 120 Вт қувватлаш адаптери смартфон қутисида келишини алоҳида таъкидлаш керак.

Қўшимчасига смартфонда иккилик овоз кучайтиргичлар, 3.5 мм наушник уяси, IR (инфрақизил нур) узатувчи, Х ўқ чизиқли тебраниш двигатели, LiquidCool технологиясидаги совутиш тизими, бармоқ изи сканери (ён томонда), юзни аниқлаш сканери, NFC мавжуд. Бундан ташқари смартфонда Dolby Vision & Atmos, Hi Res сертификатлари ҳам бор.

Redmi Note 12 Pro+ смартфони 8+256 GB (LPDDR4X+UFS 2.2) хотира конфигурациясида ҳаворанг, оқ ва қора рангларда таклиф қилинади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.