Дунёдаги энг экологик тоза смартфон: Fairphone 5 билан танишинг!

Дунёдаги энг экологик тоза смартфон:  Fairphone 5 билан танишинг!

Биласизми, смартфон ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган айрим материалларни қазиб олишнинг ўзи атроф-муҳит учун сезиларли даражада зарарли ҳисобланади. Смартфонингиздан ортиқ фойдаланмай, уни ташлаб юборадиган бўлсангиз, у чиқинди полигонларига бориб тушади ва табиатга янада кўпроқ зарар келтиришда давом этади. Бироқ смартфонлар бозорида табиатга дўстона муносабатда бўладиган брендлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг бири, айтиш мумкин бўлса, лидери Fairphone ҳисобланади ва у бугун ўзининг янги смартфонини тақдим қилди.

Нидерландиянинг Fairphone бренди ўзининг янги, Fairphone 5 смартфонини тақдим қилди. У 70% қайта ишланган, шу билан бирга, тўғри қазиб олинган материаллардан тайёрланган. Бироқ, компания ўз смартфонларини қанчалик экологик йўллар билан ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмасин, ташлаб юборилса, улар ҳам электрон чиқиндига айланади ва табиатга маълум миқдорда зарар келтириши аниқ. Бу айбини ювиш учун эса компания унинг смартфонини сотиб олганингизда, қурилма оғирлигидаги электрон чиқиндини қайта ишлайди, яъни Fairphone 5 смартфони 212 грамм ва уни сотиб олсангиз, компания худди шунча миқдордаги электрон чиқиндини қайта ишлайди. Бу билан компания 100% э-чиқинди нейтрали бўлишга ҳаракат қилади.

Fairphone ва унинг Fairphone 5 смартфони табиатга қанчалик дўстона эканлиги ҳақида қисқа маълумотимиз етарли бўлди деб ўйлаймиз ва келинг янги смартфоннинг техник хусусиятлари ҳақида гаплашамиз.

Экрандан бошлайдиган бўлсак, у 880 нит максимал ёрқинликка чиқа оладиган, 90 герц янгиланиш тезлигига эга 6.46 дюймли 1224×2700 пиксел резолюциясидаги OLED дисплей бўлиб, уни Gorilla Glass 5 ойнаси ҳимоя қилиб туради. Унинг юқори марказида бошқа Android смартфонларида бўлгани каби тешикли селфи камерани кўришингиз мумкин – бу Samsung компаниясининг 50 мегапикселли JN1 сенсори ҳисобланади. Ушбу f/2.45 диафрагмали линза 90° кўриш майдонига эга ва у 4К форматида 30 кадр/с тезликда видео тасвирга олишни қўллаб-қувватлайди.

Камералар мавзусидан узоқлашмаймиз. Смартфоннинг орқа томонида яна икки камералар бор ва уларнинг иккови ҳам 50 MP. Уларнинг асосийси Сонй'нинг 1/1.56 дюймли IМХ800 сенсори бўлиб, ушбу f/1.88 диафрагмали линза 84° кўриш майдони ва тасвирни барқарорлаштириш хусусиятларига эга. Иккинчи орқа камера эса 117 градусли IМХ858 ултра-кенг сенсордир ва уни тезкор автофокус ва макро суратлар олиш каби қобилятлари бор. Ушбу камералар билан максимал 4К UHD форматида видео олиш мумкин. Учбурчак камера оролидаги учинчи юмалоқ модул камера эмас, балки камераларга ёрдам берафиган ToF (Time of Flight) сенсор ҳисобланади.

Қурилма "юраги" сифатида Qualcomm'нинг QCM6490 чипсети (Snapdragon 778G рақобатдоши) танланган ва у смартфонга бозордаги исталган рақобатчисидан узоқ "яшаш" имконини беради. Гап шундаки, Fairphone 5 нақд 8 йиллик дастурий таъминот ва хавфсизлик янгиланишлари қабул қилади, яъни ушбу смартфон 2031 йилгача компания томонидан қўллаб-қувватланади. Агар барчаси рисоладагидек кетадиган бўлса, Fairphone ушбу муддатни яна 2 йилга ёхуд 2033 йилгача чўзиши мумкин. Бунда компания энг камида 5 йиллик Android янгиланишларини жўнатишни режа қилган. Бундан ташқари, Fairphone ўзининг янги смартфонига 5 йиллик кафолат ҳам беради. Маззами?

Давом этамиз. Қурилма фақат 8 GB оператив ва 256 GB доимий хотира конфигурациясида таклиф қилинади. Хотира камлик қилади десангиз уни 2 терабайтгача microSD карта билан кенгайтириб олишингиз мумкин. Қувват масаласига келсак, Fairphone 5 смартфони 4200 мА/с сиғимли батареяга эга ва сиз уни алиштириш имконига эгасиз, худди аввалги Android смартфонларда бўлгани каби. Батарея қуввати тугаганида эса уни 30 ваттлик қувватловчи билан ярим соатда 50% гача зарядлаб олиш мумкин.

Алоқа борасида ҳам смартфон ҳижолат қилмайди. У битта жисмоний SIM-карта слоти ва битта eSIM жойига эга. Уларнинг икковида ҳам 5G ишлайди. Шунингдек, смартфонда Wi-Fi 6E, Bluetooth 5.2 ва NFC технологиялари қўллаб-қувватланади. USB-C 3.0 порти барча симли уланиш, ҳатто, 3.5 мм наушник уяси вазифасини ҳам ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, смартфон стерео динамикларга эга.

Fairphone смартфонларининг ўзига хос, эксклюзив хусусиятларидан бири шундаки, уларнинг бирон қисми бузилиб қоладиган бўлса, уни сиз ўзингиз таъмирлай оласиз. Бошқа смартфонлар каби улар клейланмаган (ва шу сабаб ҳам уларни сувга тушириб юбормаслигингиз керак; янги смартфоннинг сув ва чангга чидамлилик рейтингги IP55).

Fairphone 5 ҳам шундай модулли йиғилганки, сиз унинг OLED экрани, USB-C порти, SIM ва SD карта жойлари, олд ва орқа камералари, ҳамда батареяси каби 11 та қисмларини ортиқча қийинчиликларсиз атиги бир неча дақиқада ичида алиштира оласиз. Барча қисмлар компания ва унинг ҳамкорлари томонидан сотилади.

Таъкидлаш жоизки, сиз смартфоннинг экологик тоза қутисидан қурилманинг ўзи ва қўлланмасидан бошқа ҳеч нима олмайсиз, чунки компания сизда аллақачон қувватлаш адаптери ва кабели уйингизда бор ёки топилади деб ўйлайди.

Fairphone 5 смартфони жилосиз қора, ҳаворанг ва шаффоф орқа қопқоқли вариантларда таклиф қилади. Афсуски, у фақат Европа мамлакатлари ва бошқа саноқли давлатларда сотувга чиқади, 14 сентабрдан. Ва афсус эмаски, унинг нархи 699 евро ёхуд 9 миллион 240 минг атрофида. Ҳа, ушбу смартфон Ўзбекистон бозори учун бироз қимматлик қилади, лекин экологик ва ишлаб чиқарилиши жиҳатидан у нархига арзийди деб ўйлаймиз. Сизчи?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.