Йилнинг энг интизорлик билан кутилган смартфонлари – iPhone 15 серияси расман USB-C билан тақдим қилинди!

Йилнинг энг интизорлик билан кутилган смартфонлари – iPhone 15 серияси расман USB-C билан тақдим қилинди!

Йилнинг энг интизорлик билан кутилган смартфонлари – iPhone 15 серияси расман тақдим қилинди. Apple компанияси кеча ўзининг Wonderlust тақдимотида Watch Series 9, ҳамда, Watch Ultra 2 ақлли соатларидан сўнг янги авлод iPhone'ларини намойиш қилди. 

iPhone 15 | iPhone 15 Plus

Келинг энг аввало янги iPhone'лардан энг кўп талаб қилинган ва бир неча йилдан бери миш-миш қилиб келинаётган хусусиятдан бошласак. USB Type-C. Ҳа, iPhone 15 серияси ваниҳоят расман USB Type-C порти билан тақдим қилинди (раҳмат Европа?). Янги авлод iPhone'лари билан Apple ўзининг Lightning'идан воз кечди. Энди сизга янги Айфонинигизни қувватлаш учун алоҳида кабел керак эмас. Сиз уни Маc ёки iPad планшетингизнинг USB-C кабели орқали қувватлай оласиз. Ёки Android'чи дўстингиздан Type-C қувватлагичини сўраб туришингиз ҳам мумкин.

Янги порт ва кабелдан ташқари оддий iPhone 15 ва iPhone 15 Plus моделлари кутилган ўзгаришни қабул қилишган. Энди улар ҳам ўтган йилги iPhone 14 Pro моделларида бўлгани каби динамик оролга эга. Фойдаланувчиларга билдиришномалар ва жонли фаолиятлар билан ишлашда ўзгача тажриба улашадиган тирқиш Face ID учун талаб қилинадиган сенсорлар ва 12 мегапикселли камерани ўз ичига олади. 

iPhone 15 ва iPhone 15 Plus мос равишда 6.1 ва 6.7 дюймли ўлчамдаги Super Retina XDR (OLED) дисплейига эга бўлиб, кичигининг пикселлар резолюцияси 2556×1179 бўлса, каттасиники 2796×1290 ҳисобланади. Уларнинг иккови ҳам 2000 нит максимал ёрқинликка чиқа олади. Экран бармоқ изларига қарши олеофоб қатламга эга. Қурилманинг сув ва чангга чидамлилиги IP68 билан баҳоланган.

 

USB-C ва динамик оролдан ташқари iPhone 15 ва iPhone 15 Plus яна бир катта яхшиланишга ҳам эришган. Энди бошланғич моделдаги iPhone'лар ҳам 12 MP эмас, балки 48 MP асосий камералар билан таъминланишган. Ушбу f/1.6 диафрагмали камералар 4К форматида сониясига 60 кадргача видео тасвирлар олиши мумкин. Иккинчи камерага келсак, у 12 MP ултра-кенг линза бўлиб, унинг кўриш майдони 120 градусни ташкил қилади ва у телефото (2х) ўрнини ҳам боса олади. Қўшимчасига, компанияга кўра энди сиз одам, кучук ёки мушукни портрет суратини олиш учун портрет режимига ўтишингиз шарт эмас – уларни суратга олаётганингизда iPhone автоматик тарзда фокус (чуқурлик) маълумотларини сақлаб қолади ва сиз кейинроқ Суратлар иловасида тасвирни хоҳласангиз портрет ҳолатига ўтказишингиз мумкин бўлади.

 

А16 Bionic чипи ортиқ iPhone 14 Pro смартфонлари учун эксклюзив эмас, чунки у энди iPhone 15 ва iPhone 15 Plus смартфонларига ҳам ўрнатилган. Одатда Apple ўз iPhone'лари батареяси ҳажмини очиқламайди, лекин компаниянинг таъкидлашича, iPhone 15 батареяси 20 соат, iPhone 15 Plus батареяси эса 26 соат видео кўришга етади. Янги USB-C порти iPhone'ларни неча ватт тезликда зарйдлаши аниқ эмас, лекин компанияга кўра сиз 30 дақиқада 50% натижага эришасиз. Албатта, симсиз зарядлаш имкониятлари ҳам бор: MagSafe билан 15 Вт тезликда. Шубҳасиз, iPhone 15'лар iOS 17 версияси билан келади. Ушбу янгиланиш улар контактлар учун постерлар, NameDrop – бошқалар билан контакт алишиш, жонли стикерлар ва бошқалар билан келади.

Шунингдек, Apple ўзининг iPhone смартфонларига Roadsida Assistance, яъни "йўлда ёрдам бериш" хусусиятини қўшаётгани ҳам маълум бўлди. Бу ўтган йилги сунъий йўлдош орқали ишлайдиган фавқулодда ҳолат функцияларига қўшимча бўлиб, бунда у сизга антенна чиқмайдиган йўлда шинангиз тешилиб ёки ёқилғингиз тугаб қолиб кетган вақтларда ёрдам чақириш имконини беради. Ушбу функция ҳозирча фақат АҚШда ишлайди. 

iPhone 15 ва iPhone 15 Plus оч ҳаворанг, пушти, сариқ, яшил ва қора рангларда таклиф қилинади. Хотира конфигурацияларига қараб уларнинг нархлари қуйидагича:

  • iPhone 15 – 128 GB – 799 доллар
  • iPhone 15 – 256 GB – 899 доллар
  • iPhone 15 – 512 GB – 1099 доллар

  • iPhone 15 Plus – 128 GB – 899 доллар
  • iPhone 15 Plus – 256 GB – 999 доллар
  • iPhone 15 Plus – 512 GB – 1099 доллар

Қутида сиз смартфон ва USB-C кабелини қабул қилиб оласиз.

iPhone 15 Pro | iPhone 15 Pro Мах

Pro моделларга келадиган бўлсак, улар ҳам, албатта, USB-C портига эга. Бундан ташқари муҳим янгилик: улар титан корпусга эга! Бу эса юқори даражадаги ҳимоя ва шу билан бирга енгил смартфон дегани. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Янги Pro моделлар билан Apple ўз смартфонларида овозни ўчириш тугмасини янгиламоқда. iPhone 15 Pro ва Pro Мах чап ён томонидаги овозни баландлигини бошқариш тугмалари тепасида аввалгидек суриладиган тугма эмас, балки янги, босиладиган тугма жойлашган. Бироқ, тугма вазифаси стандарт ҳолатда ўзгармаган – уни босиб туриш билан смартфон овозини ўчириб қўйишингиз мумкин – аксинча у энди кўпроғига қодир. Масалан, сиз уни камерани очишга ёки чироқни ёқишга созлаб қўйишингиз мумкин.  

iPhone 15 Pro моделлари намойишида Apple мобил геймингга алоҳида тўхталди, чунки смартфонлар юқори графикали ўйинларни кўтара оладиган А17 Pro чипи билан жиҳозланган. Гап шундаки, Apple ўзининг янги Pro смартфонларига 6 ядроли юқори синф график картасини ўрнатган ва у ўйинларда нурларни кузатиш каби ишларда ёрдам беради. Маълум бўлишича, Resident Evil Village, қайта ишланган Resident Evil 4 ва кейинги йил мобил қурилмаларга чиқарилиши кутилаётган Assasin's Creed: Mirage ўйинлари iPhone 15 Pro смартфонларига келади.

Камералар ҳақида гаплашадиган бўлсак, уларнинг асосийси 48 MP бўлса, қолган иккитаси 12 MP ва улар ултра-кенг ҳамда телефото сенсорлардир.

iPhone 15 ва iPhone 15 Plus моделларининг 2 авлод USB Type-C портидан фарқли ўлароқ Pro  моделлар 3 авлод USB Type-C уланишига эга ва бу билан қурилма маълумотларни USB 2 дан кўра 20 карра тезроқ ўтказа олади. Бундан ташқари Pro моделларнинг Wi-Fi 6E технологиясини қўллаб-қувватлаши уларни оддий моделлардан ажратиб туради (улар Wi-Fi 6 версиясида ишлайди). 

Гарчи юқори версиясидаги USB уланишига эга бўлса ҳам, Pro моделлар қувватланиши оддийлариники билан бир хил: 30 дақиқада 50% сим орқали, MagSafe билан эса 15 Вт тезликда. Бироқ батарея Pro моделларда узоқроққа етади. Масалан, сиз iPhone 15 Pro Мах моделида 29 соатгача, Pro моделида эса 23 соатгача видео томоша қилишингиз мумкин.

iPhone 15 Pro ва iPhone 15 Pro Мах моделлари қора титан, оқ титан, кўк титан ва табиий титан рангларида таклиф қилинади. Хотира конфигурацияларига қараб уларнинг нархи қуйидагича:

  • iPhone 15 Pro – 128 GB – 999 доллар
  • iPhone 15 Pro – 256 GB – 1099 доллар
  • iPhone 15 Pro – 512 GB – 1299 доллар
  • iPhone 15 Pro – 1 TB – 1499 доллар

  • iPhone 15 Pro Мах – 256 GB – 1199 доллар
  • iPhone 15 Pro Мах – 512 GB – 1399 доллар
  • iPhone 15 Pro Мах – 1 TB – 1599 доллар

Эътибор берган бўлсангиз, Pro Мах модели ўтган йилгисига қараганда 100 доллар қимматроқ, лекин шу билан бирга унинг хотираси 128 GB эмас, балки 256 GB дан бошланади. Сотувлар расман 22 сентабрдан бошланади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.